Шавкат Мирзиёев хусусий мулкнинг ҳимоясини таъминлашни талаб қилди

Опубликовано (обновлено )
Қонун ва судлар орқали

Хусусий мулк қонун ва суднинг кафолатли ҳимоясида бўлиши зарур. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда баён қилди.

Президент давлат органлари тарафидан хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш амалиётини бекор қилиш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Бу қоида қонунчиликда белгилаб қўйилади.   

«Ерга бўлган ҳуқуқлар кафолати кучайтирилиб, мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилишини қатъий белгилаш зарур», — дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу талабларга риоя этилиши юзасидан масъулият жойлардаги раҳбарлар зиммасига юкланади.    

«Бир нарсани билинглар – сармоя киритаётган инвестор биринчи навбатда ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради. Ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин: суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», — дея таъкидлади Ўзбекистон президенти.

Сўнгги бир ярим йил ичида Ўзбекистон судлари ҳокимларнинг ер ажратиш, бино-иншоотларни бузиш ва хусусийлаштиришга оид 1730 та қарорини бекор қилган. Мингта ҳолатда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ер муносабатлари билан боғлиқ ҳуқуқлари суд орқали тикланган.

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсуповнинг фикрига кўра, Ўзбекистонга суд-ҳуқуқ тизимининг ислоҳоти зарур.   

«Президент яна бир карра хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни бекор қилиш зарурлиги, ва давлат органларининг бундай ташаббус билан чиқишига йўл қўймаслик лозимлигини кўрсатиб ўтди. Қайд этиш керакки, мулкни олиб қўйиш масаласи бугунда энг долзарб масалалардан бири. Шу жумладан, электрон ОАВ ва ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинган ўнлаб, юзлаб, ҳатто минглаб номдор ишлар. Лекин кўп ҳолатларда ҳокимиятнинг, шу жумладан, судларнинг бунга муносабати нол ҳолатида. Умид қиламизки, бу сафар президентга қулоқ солишади», — деб ёзди иқтисодчи ўзининг Facebook-саҳифасида.

Президент ўтказган йиғилишда суд тизимини ислоҳ қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Статистикага кўра, 2019 йилда иқтисодий судларда апелляция, кассация ва назорат тартибида кўрилган ишларнинг 2,5 мингдан ортиғи, ёки 44% бекор қилинган ёки ўзгартирилган. Шу муносабат билан давлат раҳбари илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини «бир суд – бир инстанция» тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғини берди. Суд тизимида «назорат тартибида ишларни кўриш» амалиётидан тўлиқ воз кечилади.

Шавкат Мирзиёев судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан, Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилишни таклиф қилди. Ушбу масала парламент томонидан кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, хусусий мулкнинг дахлсизлиги ЎзРнинг «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорларҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуни, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан кафолатланган. Ўзбекистонда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масалалари билан Савдо-саноат палатаси (ССП) ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳам шуғулланади. Ўтган йили иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича агентлик ҳам ташкил этилган
 

Читайте также